Жароҳатидан тўлиқ тикланиб улгурмаган Одилжон Ҳамробеков борасида мураббийлар штаби таваккал қилиб ўтирмади. Унинг ўрнига Нидерландия билан баҳсда ўзини кўрсатган, майдонда энг кам хатога йўл қўйиб, фойдали ҳаракат қилган Акмал Мозговой асосий таркибга киритилди. Шукуров-Мозговой тандеми колумбияликларнинг марказдаги босимини қайтаришда асосий куч бўлади. Стартда Мозговойнинг тушиши энг мақбул вариант эди.
5. Ҳужум сеҳргарлари ва соф форвард
Ҳужум чизиғимиз эса максимал даражада креатив ва хавфли кўриниш олган. Қанотларда ва ҳужум ортида рақиб ҳимоячиларини доғда қолдиришга қодир бўлган Остон Ўрунов ҳамда Аббосбек Файзуллаев ҳаракат қилади. Уларнинг тезкор рейдлари ва кутилмаган паслари марказда рақибни таъқиб қилувчи сардоримиз — Элдор Шомуродовни голли вазиятлар билан таъминлаши лозим. ЖЧда соф форвард сифатида Элдорнинг тажрибаси бизга жуда асқотади.
6. Каннаваронинг Б плани: Захирадан кимлар ўйинни кучайтира олади?
Учрашув сценарийси ўзгарган тақдирда, Ўзбекистон захира ўриндиғида ўйинни тубдан буриб юбора оладиган ижрочилар етарли:
Қанотдаги муаммолар учун: Агар ёш Беҳруз Каримов қанотида Луис Диасга қарши қийинчиликлар юзага келса, Каннаваро дарҳол тажрибали Фаррух Сайфиевни майдонга ташлаши мумкин.
Ҳужумни кучайтириш учун: Ижодкорлик ва стандарт вазиятлар керак бўлганда Жамшид Искандеров, қанотлардаги тезлик учун Достонбек Ҳамдамов ва марказдаги жисмоний курашлар ҳамда босим учун Игор Сергеев тайёр ҳолатда туришибди.
Хулоса: Фабио Каннаваро Колумбиянинг жисмоний ва техник устунлигига қарши интизомли, тактик жиҳатдан қайишқоқ ва ёшлик шижоатига йўғрилган таркибни майдонга туширмоқда. Йигитларга тарихий дебютда омад тилаймиз! Олға, Ўзбекистон!
