Футбол Кубоги нихоясига етди

Наманганда «Ватандошлар футбол кубоги» ўз ғолибларини аниқлади!
Наманган футбол мактаби майдонларида икки кун давом этган шиддатли ва дўстона баҳслар ўз якунига етди. 6 та давлатдан ташриф буюрган 12 та жамоа ўртасидаги қизғин беллашувларнинг иккинчи кунида энг ҳаяжонли ва ҳал қилувчи финал босқичи ўйинлари бўлиб ўтди.
Мусобақанинг якуний натижалари:
🥇 1-ўрин: Тошкент жамоаси (Мусобақа ғолиби)
🥈 2-ўрин Суғд вилояти жамоаси (Тожикистон)
🥉 3-ўрин:
Наманган жамоаси
Ҳал қилувчи баҳслар хроникаси:
Бош соврин учун кечган бош финал ўйинида Тошкент ҳамда Тожикистоннинг Суғд вилояти жамоалари яшил майдонда ўзаро куч беллашдилар. Муросасиз ва юқори маҳорат остида ўтган учрашувда пойтахтлик ватандошларимиз ғалабани қўлга киритиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олишди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда эса мезбонлар — Наманган ва Қозоғистоннинг «Қорабулоқ» жамоалари тўп суришди. Ушбу қизиқарли ўйинда наманганлик футболчилар ғалаба қозониб, кучли учликни якунлаб беришди.Тақдирлаш маросими ва энг яхшилар:
Турнир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан махсус Кубок, қимматбаҳо совғалар ва эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирландилар.
Шунингдек, мусобақа давомида ўзининг ёрқин ўйини ва юксак маҳорати билан ажралиб турган маҳоратли футболчи Леонид Кошелев «Мусобақанинг энг яхши ўйинчиси» деб топилди.
«Ватандошлар» жамоат фонди томонидан ташкил этилган ушбу турнир дунёнинг турли бурчакларидаги юртдошларимизни жонажон Ватанимиз бағрида яна бир бор жипслаштирган, унутилмас дийдор ва ҳақиқий спорт байрамига айланди. Барча ғолиб ва иштирокчиларни чин қалбдан муборакбод этамиз!