Каннаваро ОАВ билан учрашди

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро мундиал ва Осиё кубоги олдидан фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ўртоқлик учрашувлари учун имкон қадар кучли ва рақобатбардош рақибларни танлашга ҳаракат қилдик. Бунда мураббийлар штаби билан мунтазам мулоқот олиб бориб, мавжуд маълумотлар ва таҳлиллар асосида биз учун энг фойдали бўладиган миллий жамоаларни саралаб чиқдик.

Канада — мусобақа мезбони сифатида юқори даражадаги футбол муҳити ва ажойиб атмосфера яратиши шубҳасиз. Бу эса футболчиларимиз учун муҳим тажриба бўлади. Нидерландия эса Европанинг энг кучли миллий жамоаларидан бири ҳисобланади. Уларнинг ўйин услуби ва тактик ёндашуви маълум жиҳатлари билан Португалия миллий жамоасига ўхшаш.

ЎФАнинг халқаро федерациялар билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлиги бизга ана шундай кучли рақибларга қарши ўйин ташкил этишда катта ёрдам берди. Ишонаманки, ушбу учрашувлар орқали жамоамиз ўзи учун муҳим хулосаларга эга бўлади, футболчиларимиз эса юқори савиядаги баҳсларда тажриба олишда давом этишади.

Жамоа сафига чақирилган футболчиларни танлашда ўзим муносиб деб ҳисоблаган номзодларга таяниб иш юритдим.

Масалан, Жалолиддин Машарипов катта тажрибага эга. Агар у оптимал спорт формасига чиқса, Жаҳон чемпионатида жамоага катта фойда келтириши мумкин.

Аббос Файзуллаев куни кеча гол урди. Шунингдек, у меҳнаткашлиги ва жанговар характери билан ҳам ажралиб туради.

Шунингдек, Абдуқодир Ҳусанов ва Элдор Шомуродов ҳозир яхши ҳолатда.

Баъзи футболчиларимиз жароҳат ёки ўйин амалиёти етишмаслиги сабаб оптимал формада эмас, аммо ҳали вақт бор ва улар тез орада тикланишига ишонамиз.

Энг муҳими — бу биз учун илк Жаҳон чемпионати. Шунинг учун футболчиларга ортиқча босим эмас, аксинча, ўйиндан завқ олиш руҳини беришимиз керак. Мен жамоамизнинг бор кучи билан халқимиз учун муносиб иштирок этишига ишонаман.

Январ ойида бўлиб ўтадиган Осиё кубогидаги гуруҳимиз жуда қизиқарли ва кучли рақиблардан иборат. Ҳар бир ўйин биз учун жиддий синов бўлиб, максимал эътибор ва тайёргарликни талаб қилади.

Менинг асосий амбицияларимдан бири — Осиё кубогини ютиш. Биз бу мақсад йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Жаҳон чемпионати эса биз учун тажриба майдони бўлса, Осиё кубогида эса натижа учун курашамиз», — деди Каннаваро.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва Конго ДРга қарши майдонга тушади