Сенегаллик 18 мухлис жазоланди

RMC Sport AFP’га таяниб хабар беришича, 18 нафар мухлис Марокаш суди томонидан 3 ойдан 1 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган. Улар безорилик, зўравонлик ҳаракатлари (жумладан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига нисбатан), спорт жиҳозларига зарар етказиш, майдонга чиқиб кетиш ва турли буюмларни отишда айбдор деб топилган.

Уларнинг тўққиз нафари 1 йил қамоқ жазоси ва 5000 дирҳам (тахминан 460 евро) жаримага, яна олти нафари 6 ой қамоқ ва 2000 дирҳам (180 евро) жаримага, қолган уч нафари эса 3 ой қамоқ ва 1000 дирҳам (90 евро) жаримага ҳукм қилинган.

Адвокат Патрик Кабу бундай чораларни «ақлга сиғмайдиган» деб атаб, мижозлари «айбни ўз зиммасига олишга мажбур қилинган қурбонлар» эканлигинини билдирди.

Қамоқ жазосига ҳукм қилинган мухлислар орасида жазо сифатида 3 ойга қамалган, сув солинган идишни отгани учун айбланган, келиб чиқиши жазоирлик бўлган бир нафар Франция фуқароси ҳам бор.

Прокуратура маълум қилишича, айблов асосан кузатув камералари видеоёзувларига, шунингдек жабрланган ҳуқуқ -тартибот органлари ва хавфсизлик хизмати ходимларининг тиббий маълумотномаларига таянган. Шунингдек, етказилган моддий зарар 370 минг еврoдан ошгани айтилган.